78 уйда яшаган аҳолининг ҳозирги муаммолари қандай ечим топмоқда?

Май 22, 2019

Жорий йилнинг 20 май куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида Жаҳонгир Ортиқхўжаев илгари анҳор бўйида жойлашган ва бузилган 78-уй эгалари билан учрашди. Ҳозирги кунда учрашув иштирокчилари янги манзилда – Қозиробод кўчасида яна ўша анхор бўйидаги 7 та хонадонларнинг эгалари бўлишди.

Учрашувда шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш бўйича биринчи ўринбосари Даврон Хидоятов, Шайхонтоҳур туман ҳокими Абдуқаххор Тўхтаев, Капитал қурилиш Бош бошқармаси  вакиллари ва Тошкент шаҳар ҳокимияти қошидаги ”Мижозларни қўллаб-қувватлаш ягона хизмати” инжинеринг компанияси  директори  Собир Ариповлар таклиф этилди.

 

Учрашувга янги уйлардаги коммуникация хизматларининг қисман уланмаганлиги сабаб бўлди. Айни пайтда ушбу уйларда газ ва электр таъминоти йўлга қўйилган. Сув таъминоти эса ҳокимият масъуллари сўзларига кўра, марказий каналга уланган бўлиб, тез орада тўлиқ йўлга қўйилади.

 

Шунингдек, собиқ 78-уй бошка аҳолисининг Қори Ниёзий кўчасидаги уйларга кўчиши масаласи кўтарилди. Бироқ, бугунги кунда янги уйларда қурилиш ишлари давом этаётгани сабаб, у ерга кўчиб ўтишнинг имкони йўқ.

Очиқ сухбат услубида ўтган учрашувда фуқаролар ўз муаммоларини айтишди. Хусусан, янги уйга кўчиш жараёнининг  кечикаётганлиги ва шу туфайли ҳозирда яшаётган уйларининг ижара хаққи ошаётгани туғрисида ҳамда якуний таъмирлаш ишлари билан боғлиқ ноқулайликлар хақида ўз муаммоларини маълум қилишди. Алоҳида масалаларга келадиган бўлсак, 30 та велосопед учун  тураргоҳ ажратиш масаласи инобатга олиниб, бу борада зарур кўрсатмалар берилди.

Учрашув давомида Тошкент шаҳар ҳокими Жахонгир Ортиқхўжаев ушбу камчиликларга йўл қўйган, янги уйлар топширилишининг кечикишига сабабчи бўлган ва бошқа коммуникацион ва таъмир ишлари бўйича сусткашликка йўл қўйган тегишли мутасаддиларни танқид қилди.

Ушбу мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича ишлар назорати Шайхонтоҳур туман ҳокими A. Тўхтаев, унинг ўринбосари, шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш бўйича биринчи уринбосари Д. Хидоятов зиммасига  юклатилди ҳамда воқеалар ривожи хақида ҳокимни хабардор қилиб туриш вазифаси топширилди.

Барча камчиликларни бартараф этиш учун 25 май шанба кунигача муддат белгиланиб, ижара хаққи тўлови муамоси ҳам ижобий ҳал қилинди. Кўчиш ва мебелларни ташиш учун транспорт билан ҳам таъминлаш хақида кўрсатма берилди.