Айни дамда автопойга ишқибозлари учун муҳим тадбир — жип-триал бўйича Тошкент шаҳар ҳокими кубоги мусобақаси бўлиб ўтмоқда.

Апрель 14, 2019

Бектемир туманидаги махсус майдон мусобақа шартларига мос тарзда жиҳозланган. Бунда экстримал спорт ишқибозлари формуласи 4х4 бўлган исталган автода ўз имконияти ва салоҳиятини намоён этишади. Танлов ҳайъатига келиб тушган аризалар асосида қирққа яқин гуруҳ сараланди. Республикамиз ва Қозоғистоннинг  нотекис йўлларда ўзини маҳоратли деб билувчи ҳайдовчилари Тошкент шаҳар ҳокими кубоги учун беллашишни бошлашди.

Мазкур тадбир юртимизда спорт автотуризмини ривожлантиришга ҳисса қўшиши билан аҳамиятлидир. Мусобақада юртимизнинг пойгачилари қатори Чимкентнинг “Garage” жамоаси иштирок этаётгани ҳар икки давлат вакиллари учун ҳам тажриба алмашиш нуқтаи-назаридан фойдали бўлади.

Мусобақада ҳар икки-уч минут оралиғида биттадан гуруҳ йўлга чиқмоқда. Беллашиш учун белгиланган иккала шарт ҳам ўзига яраша мураккаб.

Хусусан, биринчи шартда иштирокчилар нотекис ва тор йўлакда, атрофдаги ҳеч бир тўсиққа дахл қилмаган ҳолда имкон қадар тез манзилга етиб олишлари керак бўлса, иккинчи шартда бошқа бир неча талаблар қатори ҳаракатдаги эстакадада камида 3 сония давомида ўз автоларини горизонтал шаклда ушлаб туриб, мувозанат сақлай билишлари лозим.

Баланд-паст йўлда белгиланган йўналишдан чалғимаган ҳолда мусобақанинг турли ва ўзига яраша хавфли бўлган талабларини бажариш осон эмас.  Шу маънода жип-триал иштирокчиларнинг тезлиги, эпчиллиги ва уддабуронлигини синовдан ўтказибгина қолмай, уларга кўтаринки кайфият ва бахт гормонларини ҳадя этади.

Нотекис йўлларда ўзини маҳоратли деб билувчи автоишқибозларнинг “стандарт” ҳамда “экстрим” йўналишларида намоён этган кўрсаткичлари куннинг иккинчи ярмида сарҳисоб қилинади ва ғолиб Тошкент шаҳар ҳокими кубоги соҳибига айланади.

Ўзбекистондаги экстримал ва тоғ туризми федерацияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Туризмни ривожлантириш департаменти ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган жип-триал мусобақаси унда бевосита иштирок этаётганлар ҳамда томошабинлар учун дам олиш кунини табиат қўйнида, қизиқарли машғулот ила ўтказиш имкониятини яратди. Мусобақа тафсилотлари ва якунлари сизга қизиқарли бўлса, биз бу мавзуга яна қайтамиз.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати