Алишерга пойтахт ҳокимининг ташаккурномаси топширилди

Декабрь 22, 2018

Қаҳрамонимиз Алишер Азизов 1999 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Айни дамда Тошкент давлат шарқшунослик институти “Жаҳон сиёсати” йўналишининг 1 курсида таҳсил олмоқда.


Алишер ёш бўлишига қарамай инглиз, рус, араб тилларида эркин сўзлаша олади. Айни кунларда у корейс тилини ҳам мукаммал ўрганишга киришган.
— Болалигимдан хорижий тилларни ўрганишга ҳаракат қиламан. Ҳозир 4 та тилда сўзлаша оламан. Хорижий тилларни ўрганишимда ота-онамнинг яратиб берган шарт-шароитлари ва устозларимнинг кўмаклари беқиёс. Институтни тамомлагунча яна 4 та тилда эркин сўзлаша олишни мақсад қилганман – дейди, Алишер.
У 2015 – 2017 йиллар давомида Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида жойлашган Рус Халқаро мактабида таҳсил олган. Ўқиш давомида “Islamic Studies” фанидан “Fasting in Ramadan” мавзусида ўтказилган семинар-тренингда фаол иштирок этиб махсус сертификат билан тақдирланган. Шунингдек, у Шарджа шаҳрининг American University of Sharjah университетида ўтказилган Model United Nations (БМТ модели)да ҳам фаол иштирок этган.
Алишер бир неча йиллардан буён блогерлик фаолиятини ҳам олиб боради. Бугунги кунда унинг Телеграм мессежерида 10 га яқин блог каналлари мавжуд. Уларнинг обуначилари қарийб 40 мингдан зиёдни ташкил этади.
— Блогерлик фаолиятимни 2017 йилдан бошладим. Блог каналларимни ўзбек, рус, инглиз тилларида юритаман. Уларда асосан ёшлар аудиториясига мос контентлар ўрин олган. Ҳозирги кунда “Океан мыслей” (@ocean_of_thoughts), “Умные мысли”(@umniye_misli), “Нетипичные факты”(@facts_atypical), “Великие мысли”(@velikie_misli) каналларимни ривожлантириш ишларини олиб боряпман – дейди, А. Азизов.
Қаҳрамонимизнинг мақсадлари юксак. У бу йўлда астойдил ўқиб-изланмоқда.
— Мана шундай юртда ўсиб-улғаяётганимдан бахтиёрман. Юртимизда биз ёшларга яратиб берилган имкониятлар учун аввало Президентимизга катта миннатдорчилик билдираман. 2018 йил мени ҳаётимда унумли йил бўлди. Йил бошида блогерлик фаолиятимни янги босқичга олиб чиқдим. Талабалик бахтига муяссар бўлдим. Янги йил арафасида эса, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Артикхўжаевнинг ташаккурномаси ва эсдалик совғаларига эга бўлдим. Бу рағбат келгуси фаолиятимга катта руҳлантириш беради. Билдирилган ишончга жавобан Тошкент шаҳар ҳокимлигининг лойиҳаларида фаол иштирок этишга ваъда бераман. Кириб келаётган 2019 йил пойтахтимиз учун янги муваффақиятлар олиб келсин – дейди, суҳбатимиз сўнггида Алишер Азизов.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати