Бугун Абдулла Қодирий таваллудига 125 йил тўлди

Апрель 10, 2019

Бугун Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғида адиб таваллудининг 125 йиллиги муносабати билан тантанали йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзолари, олимлар, кенг жамоатчилик иштирок этди.

Ўзбек романчилигининг асосчиси сифатида эътироф этилувчи Абдулла Қодирий 1894 йилнинг 10 апрелида Тошкент шаҳрида, боғбон оиласида туғилди. Ижодини дастлаб шеърлар ёзишдан бошлади. “Тўй”, “Аҳволимиз”, “Миллатимга” номли шеърлари,  “Бахтсиз куёв”, “Жувонбоз”, “Улоқда” каби ҳикоялари орқали ижодкор маърифат ғоясини илгари сурди. Унинг ҳар бир ижодий иши жамоатчилик томонидан катта қизиқиш кутиб олинган. Абдулла Қодирий том маънода сўз санъаткори эканлигини “Ўтган кунлар” ва “Меҳробдан чаён” романларида ҳам намоён этди. Бу романларни халқимиз турмуш тарзи, ўзбекнинг миллий қиёфаси, қадрияту одатларини ифода этган шоҳ асарлар десак янглишмаган бўламиз.

Тадбирда маълум қилинишича, яқинда адиб асарларининг 5 жилдлик тўплами эълон қилинди. Шунингдек, Абдулла Қодирий ҳаёти ҳақида ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Ёлғиз” деб номланган қиссаси нашр этилди. Адиб ҳаёти ва ижодини ўрганиш давом этмоқда.

Абдулла Қодирий шахси халқимиз ҳаётида муҳим ўринга эга. Шу боис адиб номи билан аталувчи боғда ёзувчимизнинг ҳайкалини ўрнатиш, фикрлари акс этган кўргазмали  воситаларни жойлаштириш, Қодирий мактабини ташкил этиш кўзда тутилган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати