Дунёга машҳур меҳмонхоналар оператори «RIMC Hotels & Resorts Group» Тошкентдаги бунёдкорлик лойиҳаларида иштирок этади

Май 1, 2019

Тошкент шаҳар ҳокимлигида «RIMC Hotels & Resorts Group» компанияси архитектори Хади Теграни иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Ўзаро мулоқот давомида меҳмон Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди ҳамда 1 май куни пойтахтимиз архитекторлари учун маҳорат дарсини ўтказишга тайёргарлик кўраётганлигини қайд этди.

Икки томонлама алоқаларнинг истиқболларини муҳокама қилиш давомида делегация аъзолари Тошкент шаҳрининг ташриф қоғозига айланадиган ўзига хос иншоотни бунёд этиш таклифини билдиришди, шунингдек, “Этнопарк” ва премиум класс меҳмонларини қуришда ҳам фаол иштирок этиш ниятлари борлигини маълум қилишди.

«RIMC Hotels & Resorts Group» компанияси Европадаги меҳмонхона хўжалигида етакчи халқаро операторлардан ҳисобланади.  Ҳозирги кунда «RIMC Hotels & Resorts Group» Германия, Швейцария, Австрия, Италия, Испания, Дания, Туркия ва Бенилюкс давлатларидаги 32 та меҳмонхонани бирлаштирган. 1990 йилдан бугунга қадар дунё бўйлаб меҳмонхоналар қурилиши бўйича 200дан ортиқ лойиҳани амалга оширган. Унинг лойиҳалари меҳмонхона хўжалигига дахлдор барча объектларни комплекс ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Маълум қилинишича, «RIMC Hotels & Resorts Group» компанияси юртимизда туризмни янада ривожлантиришга қаратилган қатор инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишга 4 млр. АҚШ долларидан ортиқ сармоя киритади. Ушбу маблағ асосида Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хивада ўзаро ҳамкорликда савдо, тадбиркорлик, маданий ва кўнгилочар марказлар қурилади. Шунингдек, йўл инфратузилмаси ҳамда аэропортларда модернизация тадбирлари амалга оширилади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати