Финляндия-Тошкент ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлида

Апрель 13, 2019

Тошкент шаҳар ҳокимлигида Финляндиянинг Ташқи ишлар вазирлиги Давлат котибининг ўринбосари Марк Кейнянен бошчилигидаги делегация иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон ва Финляндия ўртасидаги ўзаро сиёсий ва иқтисодий муносабатлар чорак асрдан ортиқ вақт давомида ривожланиб келмоқда. Шунга қарамай икки томонда ҳам ўзаро ҳамкорликни янада тараққий эттириш ва янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилувчи имкониятлар кўп.

Мулоқот давомида ушбу масала муҳокама этилар экан, Тошкентда Финляндиянинг консуллиги очилганлиги ўзаро алоқалар ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлиши таъкидланди.

Делегация аъзолари ўз ўрнида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва унинг юқори натижаларини эътироф этишди. Хусусан, Ўзбекистонда бир қатор давлатлар фуқароларига 30 кунгача виза олиш бекор қилинганини туризмни ривожлантиришда муҳим қадам дея  таъкидлашди.

 

Ўзаро мулоқот давомида савдо-иқтисодий ва туризм соҳасидаги муносабатларнинг истиқболлари кўриб чиқилди. Хусусан, Тошкентда ҳам Финляндия тажрибаси асосидаги чиқиндиларни қайта ишлаш корхонасини ташкил этиш, лок-бўёқ ишлаб чиқариш ҳамда турли соҳалар ишига замонавий технологияларни жорий этиш йўналишида ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама этилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати