Инновацияга интилаётган ҳамшаҳримиз

Декабрь 13, 2018

Қаҳрамонимиз Улуғбек Ҳасанов инновацион технологиялар ва онлайн бизнесга қизиқади. У 1999 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Рус ва инглиз тилларида эркин сўзлаша олади. 2017 йил Яшнобод қурилиш касб-ҳунар коллежининг “Интерьерлар бўйича дизайн” йўналишини тамомлаган. Шундан сўнг, бир муддат Москвада онлайн маркетинг соҳасида тажриба тўплади. Дастлаб у фаолиятни спорт маркетологиясида бошлаб, кейинроқ турли спорт мобил иловалари яратишни бошлади. Бугунги кунда у ўзининг онлайн мактаб фаолиятини йўлга қўйиш ишларини олиб бормоқда. Унинг онлайн мактабида хорижий тилларни осон ўрганиш, бизнесни бошлаш ва саломатлик борасида маълумот (визуал контент)лар бериб борилади.


— Инсон маълумотларни визуал воситалар орқали яхшироқ қабул қилади. Соҳа мутахассисларининг фикрига кўра, 2019 йилда дунё интернет оқимининг 80% улушини анимацион ва видео контентлар ташкил этади. Шундан келиб чиқиб онлайн таълим, хусусан онлайн мактабларга талаб кундан кунга ортиб бормоқда. Менинг энг катта мақсадим ҳам юртимизда фойдали ҳамда катта аудиторияга эга онлайн мактаблар яратишдир – дейди, Улуғбек Ҳасанов.
Улуғбек айни дамда ушбу режасининг дастлабки босқичини муваффақиятли амалга оширмоқда. Унинг жамоасида 20 га яқин тенгдошлари бўлиб, улар ўз мақсадлари йўлида астойдил ҳаракат қилмоқдалар.
— Пойтахтимизда катта ўзгаришлар рўй беряпти. Жумладан, онлайн маркетинг ва онлайн мактаблар юртимиз учун нисбатан янги соҳа. Мен ўз бизнесимда инновация ва мижозлар учун барча қулайликлар яратиш орқали, мазкур соҳаларни юртимизда янада ривожлантиришни ва шаҳримиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишни хоҳлайман – дейди, У.Ҳасанов.
Қаҳрамонимиз билан суҳбатда унинг янгиликларга, жумладан дунёнинг IT ва бизнес янгиликларини доимий кузатиб бориши ва уларни таҳлил қилишига гувоҳ бўлдик. У ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлишга интилмоқда. Унинг келуси фаолиятига зафарлар тилаб қоламиз.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати