КИМНИНГ ЎҚИТУВЧИСИ ЙЎҚ?

Сентябрь 20, 2018

“Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила, Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила” деган эдилар Ҳазрат Мир Алишер бобомиз. Ҳақиқатдан ҳам ўзбек халқи ҳамиша устоз зотини улуғлаб келган. Шундан бўлса керак, дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касбларнинг ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир, деган сўз давраларимизда бот бот янграб туриши бежиз эмас.Қолаверса, устоз отангдай улуғ деган сўз, айнан ўзбек халқининг юрагидан отилиб чиққан сўздир. Ўқитувчи ва мураббийлар байрами бўлмиш 1-октябрь тобора яқинлашиб келаётганлиги муносабати билан, Тошкент шаҳар Маҳалла кенгаши бу йилги байрамни ҳар йилгидан ўзгача руҳ, ўзгача кайфият, ўзгача тантана билан ўтқазишни ўз олдига шарафли мақсад қилиб қўйди.


— Биз бу ҳаётда нимагаки эришган бўлсак, албатта биринчи навбатда устозларнинг бизга берган таълим тарбиясидан, ғамхўрлигидан, меҳру оқибати туфайли эришганмиз. Ер юзида, устозлар кўмагига, илму-маърифатига, панд насиҳатига муҳтож бўлмаган бирорта инсон йўқ. Айтингчи, кимнинг ўқитувчиси йўқ? Ҳамманики бор. Аҳмоқнинггина ўқитувчиси бўлмаган бўлиши мумкин. Шогирд устозлардан кўп нарсани ўрганади, кўп яхшиликлар кўради. Аммо шогирдлар мана шу яхшиликларга муносиб жавоб қайтараяптими ? – дейди Тошкент шаҳар Маҳалла кенгаши бошқаруви раиси Фурқат Маҳмудхўжаев. – Устозлар, шогирдлардан ҳамиша ҳам рози бўлаяптиларми? Алишер Навоий бобомиз айтадиларки, “Агар шогирд шайхулислом, агар қозидур, Агар устоз андин рози – Тангри розидур”, деганлар. Яъни, сен ким бўлишингдан қатъий назар, академикмисан, прокурормисан, токи сендан тарбия берган устозинг рози бўлмаса, Худо ҳам сендан рози бўлмайди, демоқдалар. Биз, яқинлашиб келаётган байрам муносабати билан, Тошкент шаҳридаги 503 та маҳаллада яшовчи барча барча устозларни, мураббийларни, ўқитувчиларни маҳалла фаоллари билан биргаликда, уйларига, ишхоналарига, ўқув даргоҳларига бориб табриклашни ният қилиб қўйдик. Маълумки, нафақа ёшидаги кекса устозларимиз, бугунги кунда мактабларда ишламасада, аммо қачонлардир бизларни ўқитган ўқитувчиларимиз бор. Байрам баҳона улар билан дийдорлашамиз, ҳол аҳвол сўрашамиз, бирор ёрдам керак бўладиган бўлса, қўлимиздан келганча хизматларида бўламиз. Ишонтириб айтаманки, маҳаллаларимизда яшовчи барча устозлар, ўқитувчилар, мураббийлар эътиборимиздан четда қолмайди.


Ўқитувчи ва мураббийлар кунини юқори савияда, кўтаринки руҳ ва тантанали ўтқазиш тўғрисидаги бу ташаббус Тошкент шаҳридаги барча маҳалла раислари, маслаҳатчилар ва фаоллар томонидан қизғин кутиб олинди ва келаётган ўн кунлик давомида барча маҳаллаларда амалга ошириш режалаштирилди.

Муҳаммад Исмоил,
Тошкент шаҳар Маҳалла кенгаши бош мутахассиси.