Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб кириш имтиҳонларини ўтказди

Июль 25, 2018

2018 йилнинг 23 июль куни пойтахтимиздаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Ахборот коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб 2018-2019 ўқув йили учун 5-синфга қабул имтиҳонларини ўтказди. Бу ҳақида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети матбуот хизмати хабар бермоқда.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Ахборот коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб 2018-2019 ўқув йили учун 5-синфга ўқувчилардан ҳужжатларни 2 июлдан 20 июль кунига қадар ўтказди.

Ушбу вақт мобайнида мактабга керакли ҳужжатларни 510 нафарга яқин ўқувчилар топширди ва қабул имтиҳонларида иштирок этуш ҳуқуқини қўлга киритдилар. Рўйхатдан ўтган ўқувчилар 23 июль куни “Ўзкўргазмасавдо” биносида бўлиб ўтган математика ва инглиз тили фанларидан имтиҳонларда иштирок этдилар. Имтиҳон 2 соат давом этди.

Имтиҳон Тошкент шаҳридаги Инҳа университети билан ҳамкорлида ташкил этилди. Олий ўқув юрти мактабга имтиҳон жараёнини очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда кўмак берди.

Жумладан, имтиҳон жараёни мактабнинг расмий Facebook саҳифаси орқали онлайн намойиш этилди. Шу билан бирга имтиҳонларнинг шаффофлигини таъминлаш учун бир гуруҳ ота-оналар кузатувчи сифатида имтиҳон залига таклиф этилдилар.

Кириш имтиҳонлари якунларига кўра, ихтисослаштирилган мактабнинг 5-синфига 60 нафар ўқувчилар қабул қилинади. Имтиҳон натижалари 2018 йилнинг 30 июль куни эълон қилинади.

Маълумот ўрнида, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Ахборот коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 сентябрдаги қарори асосида ташкил этилди. Ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари давлат умумий ўрта таълим стандартлари асосида замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жалб қилган ҳолда математика, физика, информатика ва чет тили фанларини чуқур ўзлаштиришади. Мактабнинг низомига кўра, таълим ўзбек тилида олиб борилади. Ҳозирда қурилиш ишлари олиб борилаётгани муносабати билан 2018-2019 ўқув йили учун қабул фақат Тошкент шаҳридан амалга оширилади. Келгуси йилдан бошлаб эса республикамизнинг барча ҳудудларидан ўқувчилар қабул қилинади.