Пойтахтда иккита янги “Business city” лойиҳалари амалга оширилади

Февраль 12, 2019

Пойтахтимиздаги Hyatt Regency меҳмонхонасида маҳаллий ва хорижий бизнес-тузилмалар, журналистлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида янги “Business city” лойиҳаларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Лойиҳалар Мирзо Улуғбек ва Юнусобод туманларида амалга оширилиши кўзда тутилган.

 

Тақдимотда “Mirzo Ulugbek Business city” лойиҳаси Амир Темур майдонидан Мустақиллик ва Мирзо Улуғбек кўчалари бўйлаб 6.5 км масофада, “Yunusobad Business city” лойиҳаси Янги шаҳар ва Чинобод кўчалари кесишмасида жойлашиши қайд этилди.

Мазкур лойиҳалар доирасида замонавий ускуналар билан жиҳозланган меҳмонхоналар, кўп қаватли турар-жой бинолари, чакана савдо дўконлари, кўп тармоқли мажмуалар, ижтимоий инфратузилма объектлари кабиларни ўз ичига олади.

Маълумот учун, “Yunusobad Business city” маркази 4 та лотдан иборат. 41 гектар майдонда қурилиши кутилаётган марказнинг биринчи лотида 9,12,15 қаватли 3 ва 4 юлдузли меҳмонхоналар бунёд этилади. Иккинчи лот ҳудудида мактаб ва боғча ҳамда 1388 ўринли автотураргоҳ барпо этиш кўзда тутилган. Майдони 1,4 гектар бўлган учинчи лотда офис ва меҳмонхоналар, 12 ва 15 қаватли бинолар қурилади. 18,2 гектарлик тўртинчи лотда эса катта боғ, кичик дўкон ва ресторанлар қуриш режалаштирилган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати