Пойтахт ҳаётига оид хабарлар

Март 14, 2019

“Мен шу азиз Ватан фарзандиман” шиори остидаги маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш бўйича “Йўл харитаси”нинг Тошкент шаҳридаги ижроси

Ҳукумат миқиёсида ишлаб чиқилган “Мен шу азиз Ватан фарзандиман” шиори остида туркум маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш бўйича намунавий “Йўл харитаси” асосида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва пойтахтимизнинг 11 та туман халқ таълими бўлими томонидан “Йўл харитаси” тайёрланди ва тасдиқланди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ барча ўрта таълим мактабларида маънавий-маърифий тадбирлар, зиёлилар, психологлар билан учрашувлар, ёшларнинг ватанга дахлдорлигини оширишга қаратилган кўрик-танловлар, спорт мусобақалари ташкил этиб келинмоқда. Бундай тадбирлар 2018-2019 ўқув йилининг якунига қадар олиб борилади.

2019 йилда ўтказиладиган Халқаро бахшичилик фестивалига Тошкент шаҳар ҳокимлиги катта тайёргалик кўрмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ жорий йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида Халқаро бахшичилик санъати фестивали ўтказилади. Ҳозирда 2019 йил 5-10 апрель кунлари бўлиб ўтадиган илк анжуманга тайёргарлик ишлари авжида.
Мазкур анжуманга тайёрганлик кўриш мақсадида Тошкент шаҳрининг ишчи гуруҳи Термиз шаҳрига бориб, пойтахт учун ажратилган жой билан танишди. Бугунги кунда Тошкент шаҳри учун мўлжалланган майдонни безаш бўйича лойиҳавий альбом ишлаб чиқилди.
Шунингдек, безаш, фольклор жамоаларининг чиқишлари бўйича тайёргарлик олиб борилмоқда.

“Барчаси ўз қўлингда!” Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ёшлар учун янги лойиҳаси

Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ёшлар ўртасида соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда ўсиб келаётган авлод ҳар томонлама етук бўлиб улғайишларини таъминлашга қаратилган “Барчаси ўз қўлингда!” шиори остидаги тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Жумладан, таълим муассасаларида “Ўқувчи” рейдлари ташкил этилиб, ёшлар билан уларни қизиқтирган масалалар муҳокама этилди, қизиқишлари ва муаммолари ўрганилди.
Ёшлар ўртасида тадбиркорликни янада ривожлантириш мақсадида тумандаги барча касб-ҳунар коллеж битирувчилари билан ёш тадбиркорлар ўртасида семинар-тренинг уюштирилди.

Тошкентдаги “Чилонзор Оқтепа” ва “Юнусобод Оқтепа” археологик ёдгорликларини қайта тиклаш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда

Тошкентдаги “Чилонзор Оқтепа” ва “Юнусобод Оқтепа” археологик ёдгорликларини қайта тиклаш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Бунинг учун тарихчи олимлар, ҳайкалтарош усталар ва археологлардан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилди. Унинг аъзолари пойтахтимиз фахри бўлган маданий мерос объектларини сақлаб қолиш ва қайта тиклаш билан шуғулланишади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати