Президент «Шаҳидлар хотираси» хиёбонига ташриф буюрди

Август 31, 2018

Бугун мамлакатимизда Қатағон қурбонларини ёд этиш куни муносабати билан «Шаҳидлар хотираси» хиёбонида халқимиз озодлиги йўлида фидо бўлган инсонларни хотирлаш маросими ўтказилди.

 

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев иштирок этди. Ташриф давомида давлат раҳбарига Тошкент шаҳар ҳокими в. б. Ж. Артикхўжаев ҳамроҳлик қилди.

Қуръон тиловат этилиб, қатағон қурбонлари руҳига дуо қилинди. Элга ош тортилди.

Президент диний уламолар, таълим соҳаси мутасаддилари билан суҳбатда ватанпарвар инсонларни эъзозлаш, ёшларни миллий ғурур руҳида тарбиялаш, уларда буюк боболаримиздек бўлишга интилишни кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Бунинг учун Ўзбекистон Ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази ва олий таълим муассасалари имкониятларидан кенг фойдаланиш, таълим дастурларини такомиллаштириш кераклиги қайд этилди.