Шаҳар аҳолисининг ҳар бир мурожаати Тошкент шаҳар ҳокимининг назоратида

Апрель 13, 2019

Маълумки, жорий йилнинг 27 март куни шаҳар ҳокими Ж. Ортиқхўжаев раислигида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари юзасидан ўтказилган сайёр қабул давомида кўриб чиқилган қатор мурожаатлар орасида яроқсиз ҳолга келган сув қувурларини янгилаш масаласи кўтарилган эди.

Хусусан, Сергели тумани 8-А  мавзедаги 26 уй, 86 хонадонда истиқомат қилувчи Гулнора Нурсатова 16 уйдан 301-мактабгача бўлган масофадаги ичимлик суви қувурлари эскирганидан шикоят қилган эди. Бу оралиқда аҳоли турар жойларидан ташқари 598 ва 593 МТМлари ҳам жойлашган.

Тошкент шаҳар ҳокимининг топшириғига асосан, мутасадди ташкилот томонидан қисқа муддатда эскирган узунлиги 240 метр бўлган 325 мм диаметрга эга ҳамда узунлиги 165 метр бўлган 400 мм диаметрга эга янги ичимлик суви тармоқларини капитал таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.

Ушбу ишларни амалга оширишга қаратилган лойиҳа қиймати 530 млн. сўмни ташкил этади. Таъмирлаш ишлари 30 апрелгача тугатилиши режалаштирилган.

 

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати