Шерали Жўраев Президент соврини ғолиби бўлди

Сентябрь 7, 2018

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 6 сентябрь – “Кураш” миллий спорт тури куни сифатида нишонланиб келинмоқда. Шу муносабат билан пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” спорт мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун 1-халқаро турнир ўтказилди. Унда дунёнинг 40 га яқин мамлакатидан келган спорт усталари ўзаро куч синашди.

Маросимда иштиторок этган Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Отабек Муродов,

Тошкент шаҳар ҳокими в.б. Жаҳонгир Артикхўжаевлар ўз чиқишларида, юртимизда спорт соҳасига, хусусан кураш миллий спорт турига қаратилаётган эътибор ҳақида тўхталиб, полвонларнинг келгуси фаолиятига муваффақият тилади.

Баҳслар мутлақ вазн тоифасида ташкил қилинди. Мусобақа финалига икки нафар ўзбекистонлик курашчи етиб борди. Бекмурод Олтибоев ва Шерали Жўраев ўртасидаги финал беллашувида эса Шералининг қўли баланд келди ва якунда у мусобақа ғолибига айланди.

Ш. Жўраев олтин медал билан бирга мусобақа ғолиби учун аталган 50 000 АҚШ доллари миқдоридаги мукофот пулига ҳам эга чиқди. Иккинчи ўрин соҳиби Бекмурод Олтибоевга 25 000 АҚШ доллари насиб қилди. Бронза медалини қўлга киритган спортчилар Аслан Камбиев (Россия) ва Темур Раҳимов (Тожикистон) 10 000 АҚШ доллари билан кетадиган бўлишди.
Шунингдек, 5-8 ўринни қўлга киритган спортчиларга 1 250 АҚШ доллари миқдорида мукофот топширилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати