Соғлом ҳаёт учун янги ташаббус

Сентябрь 24, 2018

Эрталабки бадантарбия – бу нафақат жисмоний саломатлик гарови балки инсоннинг руҳияти, кайфиятини кўтарадиган, кунни янги куч, янгича иштиёқ билан бошлашига туртки бўладиган муҳим восита.
Бу шубҳасиз оиладаги хотиржамлик, ўқиш жараёнидаги янги ёндашув ва қизиқишлар, меҳнат жамоаларида эса фойдали иш коэффициентининг кескин ошишида ҳам ўз аксини топади.


Куни-кеча эрта тонгдан Тошкент шаҳридаги 14 та болалар-ўсмирлар спорт мактабларида ушбу ҳудудларда яшовчи аҳоли, айниқса, ёшлар иштирокида оммавий бадантарбия ва гимнастика машғулотлари ўтказилди. Унда 1870 нафар спортсеварлар фаол иштирок этишди.
Мазкур машғулотларнинг навбатдагиси  эртага 24 сентябрь куни соат 7:30 да «Халқлар дўстлиги» саройи олдидаги майдонда, соат 8:00 да Сайилгоҳ кўчаси «Зарафшон» ресторани олди ва Ц-5 «Олимпия шон-шуҳрати» музейи олди ҳудудларида бўлиб ўтади. Унда 400 га яқин спорт ихлосмандлари иштирок этиши режалаштирилган.


Ушбу анъанани давом эттирган ҳолда эндиликда аҳолини жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш максадида, Тошкент шаҳрида оммавий бадантарбия машғулотлари, қолаверса, хаваскорлар учун турли спартакиада ва марафонлар, беллашувлар ўтказиб борилади.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва  жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси айнан шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда пойтахтимиздаги барча давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, меҳнат жамоаларида ҳафтанинг бир кунини “Спорт ва саломатлик куни” деб белгилаш таклифини илгари суради.


Шунингдек, иш вақти узоқ давом этадиган ташкилотларда ходимларнинг жисмоний ва руҳий толиқишининг олдини олиш, уларнинг иш самарадорлигини оширишга қаратилган машқларни бажариш тизимини жорий этиш кўзда тутилган.
Шу боис,  пойтахт ҳокимлиги ҳамшаҳарларимизни “15 дақиқа жисмоний тарбия учун” – оммавий акциясида фаол иштирок этишга чорлайди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати