Сузук ота мажмуаси зиёратчилар билан гавжум

Май 17, 2019

Тошкентда кўплаб азиз авлиёлар яшаб ўтган. Шайх Зайниддин, Каффол Шоший, Шайхонтоҳур сингари улуғ аждодларимиз қаторида Сузук ота Мустафоқули ҳам бор. Маълумотга кўра, Хўжа Аҳмад Яссавийнинг суюкли набираси бўлган Сузук ота Тошкентнинг Бешёғоч даҳасидаги “Чуқур кўприк”, “Мирлар” ва “Чақар” маҳаллалари оралиғидаги жойларга келиб, шу ерда яшаб, ҳунармадчилик билан шуғулланган. Халқ орасида илму ҳунарни кенг ёйишга хизмат қилган.

Сузук ота шарафига соҳибқирон Амир Темур томонидан 1363–1364 йилларда мақбара ва масжид бунёд этилган. Ушбу ноёб тарихий-меъморий обида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва кўрсатмалари асосида кўркам зиёратгоҳга айланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 26 май куни Сузук ота мажмуасида бўлиб, мақбара ҳамда масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш бўйича топшириқлар берган эди. 2018 йил 9 февралда қурилишнинг бориши билан танишиб, мажмуа ёнида ҳунармандлар учун уй-жойлар барпо этиш зарурлигини таъкидлаганди. Шу асосда пойтахтимизда яна бир муаззам мажмуа қад ростлади. Мақбара ва масжид қурилиб, қарийб 8 гектарлик майдон ободонлаштирилди. Мажмуага кириш биносида музей, кутубхона, маҳалла идораси ва бошқа объектлар жойлаштирилди. Мақбаранинг икки томонида ҳунармандлар учун ҳар бири 4,5 сотихли ўттизта коттеж барпо этилди.

Аввалдан халқимиз учун қадрли бўлган маскан пойтахт аҳли ва меҳмонлари билан гавжум зиёратгоҳга айланди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Тошкент шаҳар Туризмни ривожлантириш департаменти томонидан “Нуроний” жамғармасининг фаоллари ҳамда Тошкент туризм коллежи ўқувчилари учун саёҳат ташкил этилди.

Тадбир давомида зиёратчилар миллий меъморчилик анаъаналари асосида бунёд этилган мажмуани айланиб, ҳунармандларнинг устахоналарида бўлишди.

Ушбу тадбир зиёрат туризмини ривожлантириш, халқимиз ва юртимиз меҳмонларини диёримизнинг муқаддас масканлари билан яқиндан таништиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати