“Сузукота” маҳалласида қурилиш ишлари жадаллашди

Март 7, 2019

Аввал хабар қилганимиздек, Тошкент шаҳар ҳокими “Сузук ота” маҳалласи аҳолиси ва улар учун кўп қаватли турар жой қурилишига масъул бўлган пудратчи ташкилот раҳбари билан учрашиб,  мулоқот ўтказган эди. Учрашувда аҳолини қизиқтирган саволлар ўрганилгани ҳолда қурилиш ишларини кечиктираётгани учун “Mega stroy Tashkent” масъулияти чекланган жамияти раҳбарига қаттиқ огоҳлантириш берилган эди. Шундан сўнг икки ҳафта муддатда мутахассислар томонидан мазкур объектда кузатишлар ва ўрганишлар олиб борилди.

Ушбу масалада ташкил этилган ишчи гуруҳнинг хулосасига кўра, пудратчи ташкилот қурилиш ва монтаж ишларини талаб даражасида ташкиллаштира олмаган. Ташкилотда керакли жиҳозлар, малакали мутахассислар етишмайди, молиявий аҳвол ҳам қониқарли эмас. Шу сабаб ишлаб чиқариш жараёни суст кетган ва топширилган вазифа ўз вақтида бажарилмаган. Қурилишнинг талаб ва меъёрларига амал қилинмагани ва ушбу қурилиш билан боғлиқ муаммолар атрофлича ўрганилгани ҳолда пудратчи ташкилот билан тузилган шартномаси ўрнатилган тартибда бекор қилинди.

Унинг шу кунгача бажарган барча ишлари Тошкент шаҳар ҳокимияти қошидаги буюртма хизмати компаниясига топширилди.малакали техник назоратчилар томонидан тўлиқ ўрганилди. Ўзаро молиявий ҳисоб-китоблар ҳам амалга оширилмоқда.Айни кунларда қурилиш монтаж ишлари кескин жадаллаштирилди.Барча зарур қурилиш материаллари олиб келинган.

Қурилиш майдонида мингдан зиёд ишчилар ишлаяпти. Шаҳар ҳокимияти томонидан кўп қаватли уйларни тез фурсатларда барча қурилиш меъёрларига амал қилган ҳолда якунлаш жиддий назоратга олинган.

Кейинги жараёнлар ҳақида маълумот бериб борамиз.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати