“Tashkent Сity”даги лойиҳаларни амалга оширишда Жанубий Корея компаниялари ҳам иштирок этади

Апрель 25, 2019

Тошкент шаҳар ҳокимлигида Жанубий Кореянинг BOMI компанияси вице президенти Сео Жунгҳоон билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Лазиз Қудратов ва Ўзбекистоннинг Кореядаги фақулодда ва мухтор элчиси Виталий Фен ҳам иштирок этди.

Мулоқот давомида Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Шароф Раҳмонов  Жанубий Корея ва Ўзбекистон муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболи ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтди.

Таъқидланишича, Мамлакатларимиз ўртасида давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро 170 дан ортиқ ҳужжат қабул қилинган, ҳамкорлик ҳам деярли барча жабҳаларни қамраб олган. Шунингдек, Ўзбекистонда жанубий кореялик инвесторлар иштирокида тузилган 660 корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг 354 таси тўлиқ хорижий сармоя ҳисобидан ташкил қилинган.

Мамлакатимизнинг мактабгача таълим тизимига Жанубий Корея тажрибаси кенг жорий этилмоқда.Шу билан бирга юртимизда истиқомат қилаётган 180 мингдан зиёд корейс диаспораси давлат ва жамият ривожига ҳисса қўшиб келмоқда.

Яқин келажакда эса Жанубий Кореянинг BOMI компанияси билан “Tashkent City” ҳудудида қўшма инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Учрашувда ўзаро ҳамкорлик истиқболларига оид масалалар атрофлича кўриб чиқилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати