«Тошкент» автовокзали

Июнь 4, 2019

«Тошкент» автовокзали 1977 йилда қуриб, фойдаланишга топширилган. 40 йилда ортиқ вақт давомида ушбу масканда таъмирлаш ишлари бажарилмаган эди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 январдаги аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш, шаҳарлар ва қишлоқларда йўловчилар ташиш тизими яхшилашга қаратилган қарорига мувофиқ, «Тошкент» автовокзали реконструкция қилиниб, янгича қиёфа касб этди.

Бу ерда бир вақтнинг ўзида 2 мингдан зиёд йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилди. Маҳаллий ва халқаро йўналишларда қатновлар йўлга қўйилди.
Вокзал энг илғор технологиялар билан жиҳозланган. Диспетчерлик хизмати, чиптахона, кутиш зали ва VIP залда йўловчилар учун замонавий шарт-шароитлар яратилган.

Меҳмонхона, она ва бола ҳамда тиббиёт хоналари, савдо дўконлари, аёллар ва эркаклар учун алоҳида намозхона, барлар ташкил этилган. 31 та перрон ҳамда автобуслар учун 80 та йўлак ташкил қилинган.

Бугунги кунда Тошкентдан Янгиер, Зомин, Самарканд, Зарафшон, Каттақўрғон, Хатирчи, Учқудуқ, Термиз, Денов, Бухоро, Қоракўл ва бошқа йўналишлар бўйича кунига 15 маҳаллий рейслар амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, автовокзалда 12 та халқаро йўналиш бўйича хизмат кўрсатилмоқда.