Тошкент шаҳар ҳокимлигида Италия Республикасининг “Kedrion biopharma” тиббиёт компанияси вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди

Апрель 12, 2019

Юртимизни ижтимоий ва иқтисодий ривожлантириш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларда инвестиция сиёсати муҳим аҳамиятга эга. 2019 йилнинг “Фаол инвестициялар ва ижтимий ривожланиш йили” деб эълон қилиниши ҳам бу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган. Ушбу йилга мўлжалланган давлат дастурида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ҳам пойтахтимиз, ҳам юртимиз учун аҳамиятли бўлган инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш борасида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Италия Республикасининг “Kedrion biopharma” тиббиёт компанияси билан ҳамкорликда ишга туширилиши мўлжалланган  фактор VIII плазма линияси шу йўналишда олиб борилаётган мулоқот ва музокаларларнинг натижасидир. Жорий йилнинг 11 апрель куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида Италия Республикасининг “Kedrion biopharma” тиббиёт компанияси вакиллари  иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот давомида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва ривожлантириш масалалари муҳокама этилди.

Таъкидлаш жоиз, “Kedrion biopharma” томонидан ишлаб чиқариладиган плазмадан олинган терапевтик  маҳсулотлар бутун дунёда гемофилия ва иммунитет танқислиги каби касалликларни даволашда қўлланилади. Хусусан,  Европа, Яқин шарқ ва Осиё давлатлари компания маҳсулотларининг асосий харидорлари ҳисобланади. Ўз йўналишида жаҳонда етакчилардан бири бўлган мазкур компания инвестицияси асосида яқин келажакда Тошкентда ҳам замонавий талаблар асосида қон препаратларининг бир неча турини тайёрлашга ихтисослашган завод ишга туширилиши режалаштирилган.

Компания директори Джованни Акрольянонинг қайд этишича, Тошкентда янги линиянинг йўлга қўйилиши учун “Kedrion biopharma” томонидан 25 млн. АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция маблағлари киритилади ҳамда завод лабораторияси сўнги технологиялар асосида жиҳозланади. Бу эса бугунги кунда тиббиёт эҳтиёжи учун ниҳоят муҳим бўлган ноёб қон препарати маҳсулотлари Ўзбекистонда ҳам ишлаб чиқарилишига шароит яратади.

Маълум қилинишича, компания томонидан тайёрланадиган фактор VIII плазма линиясининг нархи жаҳон биржасида белгиланишига қарамасдан, Ўзбекистон Республикаси учун унинг нархи  дастлабки келишувга асосан камида 8 йил давомида ўзгармай қолади.

Учрашувда “Kedrion biopharma” тиббиёт компанияси билан ҳамкорлик муносабатларни ўрнатиш ҳақидаги англашув меморандуми имзоланди. Янги завод қурилиши бўйича лойиҳа комиссиясини тузиш юзасидан ишчи гуруҳ фаолиятини йўлга қўйиш борасида таклифлар киритилди.

Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Элбек Шукуров мазкур лойиҳани самарали йўлга қўйиш Ўзбекистон томони учун муҳим эканлигини таъкидлади. Шунингдек,  икки томон вакиллари бу борада ҳамкорликда иш олиб боришаётганлигини қўшимча қилди. Шуни ҳам айтиш жоизки, дастлабки лойиҳанинг ишга туширилиши кейинчалик фактор IХ ҳамда Х плазма линияларини йўлга қўйиш имконини беради.

Томонлар ўзаро мулоқот давомида ушбу масалани ҳам кўриб чиқиб, муҳокама этишди. Бу каби лойиҳалар юртимизга нафақат тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни киритиш, балки аҳоли саломатлиги учун муҳим маҳсулотларни ўзимизда тайёрлаш ва экспортга йўналтиришга ҳам имкон беради.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати