Тошкент ва Германия ипотека соҳасида тажриба алмашди

Май 14, 2019

Тошкент шаҳар ҳокимлигида Германиянинг Хусусий ипотека муассасалари ассоциацияси директори Кристиан Куниг билан учрашув бўлиб ўтди.

Ўзаро мулоқот давомида Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Даврон Ҳидоятов пойтахтимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, жумладан, қурилиш йўналишидаги ишларга тўхталиб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, жорий йилда турар жойлар қурилиши ўтган йилга нисбатан анча ўсган. Хусусан, бу йил 18 мингдан ортиқ хонадонли 400га яқин кўп қаватли уйларни барпо этиш.

Учрашувда томонлар аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш масаласига ҳам тўхталиб ўтишди.
Хусусан, Кристиан Кунигнинг таъкидлашича, уларнинг ассоциацияси айнан арзон-турар жойлар учун кредит тақдим этади. Меҳмоннинг маълум қилишича, уларда ипотека кредити асосида уй олиш тизими биздагидан тубдан фарқ қилади. Хусусан, аҳоли аввалдан уйнинг 40 ёки 50 фоиз миқдоридаги маблағни жамғаради, сўнг эса банкдан ойлик 1,5дан 3,5 фоизгача тўлови бўлган кредитни олади. Германиялик мутахассислар Ўзбекистон бўйлаб, хусусан Тошкент шаҳрида аҳоли учун ҳар жиҳатдан маъқул уйларни қуришда ҳамкорлик қилишни таклиф этишди.

Ўз ўрнида Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Даврон Ҳидоятов, аҳолини арзон турар-жойлар билан таъминлаш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилганлигини айтиб ўтди. Шунингдек, тегишли соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда уларнинг таклифи ўрганилишини ҳам қўшимча қилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати