Тошкентда “Автомобилсиз кун” лойиҳаси Европа Иттифоқи ҳамкорлигида ўтказилади

Апрель 23, 2019

Тошкент шаҳар ҳокимлигида Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхонаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот давомида томонлар ўзаро ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳалар борасида фикр алмашишди.

Ҳамкорлик бўлими бошлиғи Франсуа Бежо Европада ўтган асрнинг 70 йилларидан ўтказилиши бошланган автомобилсиз кун ғояси ҳозирда 54 та давлат томонидан қўллаб-қувватланаётганини таъкидлаб, бу борада Ўзбекистон, хусусан, Тошкент билан биргаликда иш олиб бориш таклифини билдирди.

Франсуа Бежонинг таъкидлашича, Европада ҳар йили сентябрь ойининг учинчи ҳафтасида автомобилсиз кун тадбирлари ўтказилади. Бундан мақсад атроф муҳитга ёқилғи ёқилишидан ҳосил бўладиган заҳарли газ чиқиши ва тарқалишини камайтириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишдир. Тадбир доирасида автомобиллар ўрнига велосипедда ёки пиёда юришни тарғиб қилувчи турли акциялар ўтказилади.

Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Элбек Шукуров Ўзбекистонда ҳам ўтган йилдан бу йўналишда ишлар бошланганлигини маълум қилди. “2018-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепцияси” ҳамда бир қатор қонун ҳужжатларида “Автомобилсиз кун” тадбирини ўтказиш белгиланганини ва ҳозирда  ҳар ойнинг учинчи жумасида шундай тарғибот акциялари ташкил қилинаётганлигини қайд этди.

Европа Иттифоқининг бу борадаги ҳамкорлик бўйича таклифи шаҳар ҳокимлиги учун муҳим эканлигини, мазкур йўналишда биргаликда иш олиб бориш тадбирлар
янада оширишини таъкидлади.

Ҳозирда шаҳримиз миқиёсида олиб борилаётган қурилиш ишларида, хусусан, йўлсозликда пиёдалар йўлаклари қаторига велойўлаклар ҳам қўшилаётганлигини маълум қилиб, бу ҳам  “Автомобилсиз кун” ғоясини амалга оширишда аҳамиятли эканлигини билдирди.

Учрашув якунида томонлар бу масалада ҳамкорликда иш олиб боришга келишиб олишди.