Тошкентда Санкт-Петербург кунлари бўлиб ўтади

Апрель 22, 2019

Тошкент шаҳар ҳокимлигида Санкт-Петербург Ташқи алоқалар қўмитаси раиси ўринбосари Сергей Марков билан учрашув бўлиб ўтди. Ўзаро мулоқот давомида томонлар тобора ривожланиб бораётган икки томонлама муносабатларнинг истиқболларига эътибор қаратишди. Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси ҳудудлари ва Россия Федерацияси субъектлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари икки мамлакат минтақалари ўртасида имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим, Стратегик шериклик тўғрисидаги ҳамда Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномалар ва бошқа қатор ҳужжатлар асосида ривожланмоқда. 

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Элбек Шукуров 2018 йилда Санкт-Петербургда ўтказилган Тошкент кунларини ёдга олиб, ташриф мазмунан бой ва икки томон учун ҳам аҳамиятли учрашувлар, маданий тадбирларга бой ўтганини таъкидлади.

Ўз навбатида  Санкт-Петербург Ташқи алоқалар қўмитаси раиси ўринбосари Сергей Марков ҳам Ўзбекистон, хусусан, тошкентликларнинг меҳмондўстлигини эътироф этди. Пойтахтимизга амалга ошираётган сафари давомида Тошкентнинг диққатга сазовор жойларини кўриш, тарихи улуғ қадим ва навқирон шаҳарнинг ҳаёти билан танишиш ниятида эканлигини айтиб ўтди.

Мулоқот давомида томонлар 2019 йилда Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган Санкт-Петербург кунлари тадбирларини юқори савияда ташкил этиш борасида  фикр алмашишди.

Учрашувда, шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Санкт-Петербург ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ҳамда маданий ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид таклифлар ҳам кўриб чиқилди.

 

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати