Ёзги таътил вақтида ўқувчини нима билан машғул қилиш мумкин?

Июнь 8, 2019

Барча мактаб ўқувчилари учун узоқ кутилган ёзги таътил қизғин давом этмоқда. Баъзилар учун таътил, саёҳат, ёзги оромгоҳларда дам олиш, қўшни шаҳарларга, қариндошларникига бориш, дала ҳовлида буви ва боболар билан хордиқ чиқариш вақти бўлса, кимлар учундир “кундалик уй юмушлари” билан банд бўлиш онлари ҳисобланади. Бунда ота-оналар учун муҳим масалалардан бири бу ёзда фарзандларини нима билан машғул қилиш десак хато бўлмас.

Мактаблардаги соғломлаштириш масканлари. Ота-оналарнинг хотиржамлигини таъминлаш ва болаларнинг самарали дам олишлари мақсадида 3 июндан бошлаб Тошкентдаги умумтаълим мактабларда ёзги дам олиш масканлари ташкил этилди. 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган ўқувчилар соат 08:00 дан 12:00 гача ўзлари учун қизиқарли тўгараклар танлашлари ва ёзги таътилларини янги нарсаларни ўрганиб, севимли машғулотлари билан шуғулланиб, фойдали ва мароқли ўтказишлари мумкин. Рақс, инглиз тили, гимнастика, шахмат, шашка, теннис, чизмачилик, ҳунармандчилик, қўғирчоқ театри, йўл ҳаракати хавфсизлиги дарслари, китоб ўқиш хоналари, китобни қайта таъмирлаш дарслари, хуллас танлов кенг ва бундай машғулотлар билан зерикишни унутасиз.Эслатиб ўтамиз, ёзги дам олиш дастури 4 та навбатга бўлинган ва уларнинг ҳар бири 10 кунлик муддатни ўз ичига олади. Дастур жадвали қуйидагича:
1. 3.06-14.06.2019
2. 17.06-28.06.2019
3. 1.07-12.07.2019
4. 15.07-26.07.2019

Жорий йилда ушбу турдаги дам олишни ташкил этиш дастури 23 минг нафар ўқувчини қамраб олади. Тўгараклар Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ижросини қамраб олади.

Шаҳримизнинг дам олиш масканлари ташкил этилмаган таълим муассасаларида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ёшларни ҳар томонлама баркамол қилиб улғайтириш аа ҳаётда ўз ўринларини топишларига қаратилган 5 та муҳим ташаббус ижросини таъминлашга қаратилган тўгараклар ташкил қилинди. Шунингдек, мактабларнинг барчасида турли йўналишлар бўйича тўгараклар иш бошлади. Масалан, «Ёш рассом», «Қувноқ инглиз тили», «Информатика олами», «Театр студияси» ҳамда турли спорт тўгараклари. Ушбу дастур пойтахтимиздаги 42067нафар ўқувчиларни қамраб олади ва бепул амалга оширилади.

«Баркамол авлод» болалар ижод марказлари ёш авлоднинг камолоти учун муҳим масканлардандир. “ Баркамол авлод” болалар ижод марказларининг пойтахтимизнинг ҳар бир туманида ёзги таътилда фаолият кўрсатадиган бўлимлари мавжуд. Бу ерда 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар (айрим ҳудудларда ёш чекловлари бор) ўзлари учун таклиф этилган 30 та техника йўналишидаги, шунингдек, бадиий ижодкорлик, экология, тарих, ва чет тилларидан қизиқарли дарсларни танлашлари мумкин. Бу ерда ўқувчилар ўзбек, рус ва инглиз тилларини ўрганишлари, нутқ санъати, ёш журналист, ёш ошпаз; керамика ишлари, мунчоқ териш, миллий чолғулар ижроси, миллий ва халқ рақслари, вокал, қўғирчоқ театри, рассомлик, компютер дизайни, графика ва бошқа йўналишлардаги машғулотларга қатнашишлари мумкин. Бир тўгарак учун тўлов энг кам ойлик иш хаққининг10% ни ташкил қилади. Шундай қилиб, боғлар, диққатга сазовор жойлар, сузиш ҳавзалари ва болалар майдончаларидан ташқари шаҳримизнинг ёш аҳолиси учун тайёрланган дастурлар кўп. Ёзги таътилингиз унутилмас ва ёрқин ҳодисалар, таассуротларга бой бўлсин!!!